Ахборот воситалари орқали 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома(стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарларни эшитган бўлсангиз керак.
Хўш, фуқароларимиз ўз уйларида ўтириб соғлиқларини асраётганлари билан бир қаторда, ўзларининг шахсий автотранспорт воисталаридан чиқадиган ташланмаларнинг камайишига ижобий маънода таъсир кўрастаётганликларини англаётганмикин.
Маълумот ва рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Ягона интерактив давлат хизматлари портали тизими орқали сўнги соатларга қадар аҳолидан махсус рухсатнома олиш талабидаги 98 мингдан ортиқ аризалар келган бўлса, шундан 6 265 тасига ижобий ва 6 324 тасига рад хулосалари берилган. Тошкент шаҳри Давлат хизматлари марказларига эса бевосита 20 000 дан ортиқ фуқаролар ташрифи кузатилган.
Шу ўринда табиий савол туғилади, ўзи пойтахтимизда қанча транспорт воситалари мавжуд, уларнинг ҳаракатланиши оқибатида ўз навбатида атмосфера ҳавосига қанча ташланмалар ташланади. Албатта буни жавоби бор, Тошкент шаҳар экология бошқармаси ушбу йўналишдаги ҳисоб-китоблар бўйича ҳам тизимли ишларни йўлга қўйган.
Масалан, жорий йилнинг бошига Тошкент шаҳрида умумий 460 мингдан ортиқ транспорт воситалари рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 396 минг таси ёки 86 % ҳусусий секторлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу транспортлардан бир йилда ўртача 400 минг тонна ташланмалар атмосфера ҳавосига ташланади.
Агарда, жорий этилган карантин (чекловчи тадбирлар) даврида 10 минг яқин транспортларнинг ҳаракатланишига рухсат берилиб, қолган 450 мингга яқини вақтинчалик тўхталиши натижасида табиий равишда бир ойнинг ўзида атмосферага 32,5 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг ташланишининг олди олинади.
Бу билан, фуқароларимиз карантин даврида нафақат ўз соғлиқларига бе-эътибор бўлмайдилар, балки атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга ҳам ўз ҳиссаларини қўшган бўладилар.
Бинобарин, ҳозирги юртимизда вақтинчалик ҳукумрон бўлиб турган синовли даврларда биз ўз автотранспорт воситларидан фойдаланишни вақтинчалик чеклаб, унинг ўрнига фақатгина зарурат бўлсагина велосипедда ёки пиёда ҳаракатланадиган бўлсак, нафақат ўрнатилган қоидаларга амал қилган бўламиз, балки ўз соғлиғимиз ҳамда келажагимиз давомчилари бўлган ёш авлодларимиз соғлиқлари ҳақида ҳам қайғурган бўламиз!
Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати