Фарғона вилояти: Чиқиндиларни қайта ишлаш — катта фойда келтиради
14.
05. 2020
09:48
7064
Янгиликлар

Фарғонада бу борада йирик лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, дастлабки ишлар бошланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хом ашё ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси бўйича чиқиндининг 85 фоизини қайта ишлаш мумкин.

Бизда-чи? Ҳали бу борада ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина бўлиб, чиқиндилар атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий хавф соляпти. Бундай шароитда уни қайта ишлаш ва утилизацияси долзарб бўлиб бормоқда.

— Сўнгги йилларда республикамизда йилига ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларининг ҳосил бўлиш миқдори 100 миллион тоннани ташкил этади, — дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Азизбек Жўраев. — Унинг 35 миллион тоннаси маиший чиқиндилар бўлиб, улар шаҳар ва қишлоқ чиқиндихоналарида жойлаштирилмоқда. Ўз навбатида ўртача ҳар бир милллион маиший чиқинди билан 360 минг тонна озиқ-овқат чиқиндилари, 160 минг тонна қоғоз ва картон, 55 минг тоннага яқин текстиль, 45 минг тоннага яқин пластмасса ва бошқа қимматли компонентлар йўқотилади. Кейинги йилларда мазкур масалада бир қатор қарор ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, санитария ва экологик вазиятни тубдан яхшилаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятимизда ҳам чиқиндини қайта ишлаш борасида бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Техник асосномага кўра, вилоятдаги йиғилган барча турдаги (хавфли чиқиндилардан ташқари) чиқиндилардан иккиламчи хом ашё турларини ажратиб олиш ва саралаш, саралаб олинган иккиламчи хом ашёларни сотиш кўзда тутилган.

«Qirguli kommunal servis» масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда Фарғона шаҳридаги 18 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 60 минг 121 нафар аҳолининг, шу билан бирга 400 дан ортиқ юридик ташкилотларнинг маиший чиқиндиларини йиғиштириб, Саткак ҳудудидаги «Фарғона марказий чиқиндихонаси»га ташиб бормоқда. Жамият бу полигондаги маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, иккиламчи хом ашёларни сотишни режалаштирмоқда. Бу мақсадда Белоруссиянинг «Сифания-Экотехника» корхонаси билан чиқиндиларни саралаш линиясини сотиб олиш бўйича шартнома имзоланган.

«Qirguli kommunal servis» МЧЖ Белоруссия Республикаси томонидан ЧПТУП «Сифания-Экотехника» ва Туркия томонидан «SEMAK Teknokoji Makine Ekipmanlar San.Ticaret A.S» компаниялари билан ҳамкорликда 2021-2025 йилларда Фарғона вилоятида йиллик 73 минг тонна чиқиндиларни йиғиш ва саралаш бўйича ишларни амалга ошириш учун жами 5 миллион АҚШ доллари қийматидаги қўшимча лойиҳа ишлаб чиқилган.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун «Clean and technology group» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси ташкил этилган. Лойиҳани амалга ошириш 5 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда ускуналарни сотиб олиш (500 минг АҚШ доллар), иккинчи босқичда махсус транспорт воситаларни сотиб олиш (1500 минг АҚШ доллари), учинчи босқичда саралаб олинадиган иккиламчи хом ашёларни қайта ишлаш ускуналарини сотиб олиш (1500 минг АҚШ доллари), тўртинчи ва бешинчи босқичларда чиқиндилардан муқобил энергия ресурсларини олиш станцияларини барпо қилиш (1500 минг АҚШ доллари). Лойиҳани амалга оширишда Фарғона тумани «Саткак» МФЙ ҳудудидаги «Фарғона марказий чиқиндихонаси»да шаҳар ва туманлардан йиғилган барча турдаги (хавфли чиқиндилардан ташқари) чиқиндилар қайта ишланади.

— Маиший чиқиндилардан иккиламчи хом ашё турларини ажратиб олиш ва саралаш линиясини сотиб олиш узоқ муддатли банк кредити ҳисобига амалга оширилади, — дейди «Qirguli kommunal servis» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дониёржон Абдуллаев. — Мазкур лойиҳа доирасида қўшимча 110 нафар янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда. Молиявий режа ҳисоб-китобларига таянган ҳолда, хулоса қилиб айтиш мумкинки, маиший чиқиндилардан иккиламчи хом ашё турларини ажратиб олиш ва саралаш линияси хариди корхона учун жуда самарали ҳисобланиб, унинг молиявий қудратини юксалишига олиб келади. Корхона 5 йиллик лойиҳа даври давомида кредит бўйича барча тўловларни ўз вақтида тўлаб бориш билан бир қаторда мазкур фаолиятнинг рентабеллиги даражаси ўртача лойиҳа бошида 19,2% дан лойиҳа сўнгида 31,5% ни ташкил этиши корхонанинг барқарор фойда оқимига эга бўлишини кўрсатади.

Жорий йил 10 июнь санасидан бошлаб, лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида корхонага янги замонавий ишлаб чиқариш дастгоҳларининг келтирилиши режалаштирилган.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар