Тошкент вилояти: Нурафшон ҳокими ўринбосарига мораторий тегишли эмасми?
06.
04. 2020
17:44
6110
Янгиликлар

Мамлакатимизда мораторий эълон қилинган бўлса-да, нафақат фуқаролар, балки ваколатли давлат органлари томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ўзбошимчалик билан кесиш давом этмоқда.

Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси ҳодимлари томонидан жойларда тезкор назорат тадбирлари ҳамда профилактика ишлари мунтазам амалга оширилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, жорий йил 5 апрель куни Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳрининг «Бегалтепа» МФЙ ҳудудида 9 туп арча ва 1 туп чинор дарахтлари таг қисмидан кесилиган ҳамда 1 туп чинор дарахти ўсишдан тўхташ даражасигача шикастлантирганлиги маълум бўлди.

Кўрсатилган манзилда мазкур дарахтларни кесиш ишларини олиб бораётган фуқаролардан дарахт кесишга рухсат берувчи тегишли ҳужжатлар сўралганда, ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ва дарахтларни кесиш учун Нурафшон шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари томонидан топшириқ берилганлиги маълум қилинган.

Шундан сўнг ўзини Нурафшон шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Бунёд деб таништирган шахс келиб, бу ерда йўл қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан дарахтларни кесиш ишларининг бошлаганлигини ва рухсат олиш учун ягона дарчага мурожаат қилинганлигини таъкидлаб ўтди.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳоким ўринбосаридан ёзма равишда тушунтириш сўралганда, уни беришдан бош тортди ҳамда кесиш ишларини олиб бораётган шахсларни ҳам тарқатиб юборди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 43-сонли қарорига мувофиқ дарахтлар кесилиши натижасидан табиатга етказилган зарар ҳисоб китоб қилинганда, зарар суммаси 109 270 000 сўмни ташкил қилган.

Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар