«Судочье» кўллар тизимида содир бўлган ёнғин оқибатлари тафсилотлари
09.
07. 2019
14:32
6536
Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда жорий йил 4 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани «Судочье» кўллар тизимида содир бўлган ёнғин юзасидан видеолавҳа жойлаштирилди. Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 5 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасида ушбу кўллар тизимида содир этилган ёнғинни баратараф этиш чораларини кўриш, шунингдек, табиатга етказилган зарарни аниқлаш мақсадида тезкор гуруҳ тузилиб воқеа жойига юборилди.

Ўрганиш натижаларига, шунингдек, Мўйноқ тумани ёнғин ҳавфсизлиги бўлими ҳамда Мўйноқ туман «Метеостанция» бўлимининг хулосасига кўра, ёнғин табиий чақмоқ натижасида юзага келиб,  2019 йил 4 июль куни соат 15-30 атрофида Судочье кўллар тизимининг шарқий-жануб қисмидаги Қоратеренг бўлимида  оролчалардан бошланиб шамол натижасида атрофдаги қамишзорларга ва шимолий-жануб ҳамда қирғоқ бўйи минтақасига тарқалган. Ёнғин кўл ўртасидаги оролчаларда юз берганлиги ва ёнғинга яқин боришга имкони мавжуд эмаслиги сабабли ёнғинни ўчириш иложи бўлмаган. Чунки ёнғин бошланган майдонларда моторли қайиқ ёки оролчалар усти қамиш бўлиб таг қисми сувли ботқоқ бўлиб одам кириб бориши мумкин бўлмаган.

Ёнғин туфайли жами ёнган майдон 278 гектарни ташкил этиб, шундан, «Мўйноқ аквасаноат» ДУКга қарашли майдони 111,2 гектар, «Судочье» орнитологик буюртмахонасига қарашли майдони 166,8 гектарни ташкил этади.

«Судочье» орнитологик буюртмахонаси ҳудуди ёввойи ҳолда яшовчи ондатра, ўрдак (бир неча турлари), ғоз, оққуш, бирқозон, қоравой, фламинго ва бошқа ҳайвонот дунёсига зарар етказилган ҳолат учрамади.  Чунки сувда сузувчи қушлар ва бошқа ҳайвонот турлари яшаш макони ва улар баҳор ойларида тухум қўйиб кўпаядиган ҳудуд ҳисобланади. Лекин ўрганиш давомида ҳайвонот дунёси нобуд бўлган ҳолат қайд этилмади. Чунки ҳозирги кунга келиб полапонлар катта бўлиб бемалол сувда сузиб юрадиган даражада ўсиб улғайган.

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани Судочье кўллар тизимидаги қамишзорларга ёнғин туфайли етказилган зарар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкмасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги қарорининг 14 - иловаси асосида ҳисобланиб, табиатга етказилган зарар жами 225.435.760 сўмни ташкил қилди.

Ёнғин 2019 йил 6  июль куни соат 23-00 лар атрофида ўчган.
 


 

Фойдали манбалар