Ноқонуний дарахт кесилиш масалаларига бағишланган брифинг
08.
07. 2019
20:01
6384
Янгиликлар

2019 йилнинг 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ОАВ вакиллари учун мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, қабул қилинаётган чора-тадбирларга бағишланган брифинг ташкил этдилар.

Биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишни таъминлаш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва кенгайтириш, табиий экологик тизимларнинг таназзулга учраши суръатларини пасайтириш, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турларини қайта тиклаш, биохилма-хилликни сақлаб қолиш соҳасидаги халқаро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги 484-сонли қарори билан 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси тасдиқланди.

муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш;
 Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлаштириш ишларини олиб бориш ва унинг майдонини 1,2 миллион гектарга етказиш;
 замонавий геоахборот технологиялари (ГИС-технологиялар) асосида биохилма-хилликнинг давлат мониторинги ва давлат кадастри ягона ахборот маълумотлар базасини яратиш;
 биохилма-хилликни сақлаб қолиш масалаларини иқтисодиётнинг барча тармоқларига интеграциялаш баён этилган  Стратегиянинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Тадбирда, шунингдек, мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилишини олдини олиш соҳасида олиб борилаётган масалаларга тўхталиб ўтилди.

Қайд этилдики, республикада ўсимлик дунёси объектлари 11 минг турдан, ҳайвонот дунёси – 15.600 турдан ортиқ. Шулардан 324 тур ўсимлик ва 184 тур ҳайвонот дунёси объектлари Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган.

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўтказилган давлат экологик назорати натижаларига кўра республика миқёсида жами – 2.524 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган, 513,4 млн. сўм жарима белгиланган, 2.093 та ҳолат бўйича 412,5 млн. сўм жарима ундирилган.

Ўсимлик дунёсига етказилган зарар – 1.571 та даъво бўйича 2 млрд 243 млн. сўмни ташкил этиб, шундан 1.232 та маъмурий иш юзасидан 961,9 млн. сўм ундириб олинган.

Жарима ва зарарни ундириш ҳамда тегишли чора қўллаш мақсадида «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларини бузиш натижасида жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан расмийлаштирилган 189 та маъмурий ҳамда жиноий иш ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига (суд, прокуратура, МИБ, ИИБ) юборилди.

Тадбирда, бугунги кунда Тошкент шаҳрида дарахтларниннг ноқонуний кесилиши бўйича фуқароларнинг мурожаатлари тобора ортиб бораётганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 37-моддасига асосан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга фақат:

 санитария мақсадларида кесиш;
 биноларни, иншоотларни ва коммуникацияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолда йўл қўйилади.

Табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган, шунингдек инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган дарахтлар ва буталарни кесиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатномаси асосида ҳақ тўламасдан  амалга оширилиши қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги 255-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти»нинг талабига мувофиқ республика бўйича жами ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесишга келиб тушган аризалар сони 3.030 ташкил этади. Шундан 1.825 мурожаатга дарахтларни кесиш учун ижобий хулоса берилган ҳамда 1.205 мурожаатга  салбий хулоса, яъни аризасига рад жавоби берилган. Шу жумладан Тошкент шаҳри бўйича жами келиб тушган аризалар сони 1.139 ни ташкил этади. Шундан 556 мурожжатга дарахтларни кесиш учун ижобий хулоса берилган ҳамда 583 мурожаатга салбий хулоса, яъни аризасига рад жавоби берилган.

 


 

Фойдали манбалар