Турғун органик ифлослантирувчи моддалар тўғрисидаги Стокгольм конвенцияси юзасидан брифинг
18.
06. 2019
18:28
8672
Янгиликлар

Республиканинг самарали ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим асоси сифатида аҳоли саломатлиги учун мақбул шароитларни яратиш ва экологик мувозанатни сақлашни такомиллаштиришга йўналтирилган чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Атроф-муҳитнинг жорий ҳолати ва унинг истиқболлари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланиб, мамлакат Раҳбарининг доимий эътиборидадир.

Шу муносабат билан “Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (Стокгольм, 2001 йил 22 май) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши (№ ЎРҚ-535, 08.05.2019 йил) давлатнинг  келажак авлод учун атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, уни борлигича сақлашга қаратаётган масъулиятли муносабатининг яққол далилидир.

Malumot uchun: Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақида»ги конвенция 2001 йил 22 майда Стокгольм шаҳрида қабул қилинган ва 2004 йилдан кучга кирган. Ҳозирги кунда 182 та мамлакат конвенция иштирокчиси ҳисобланади.
Етакчи давлатлардан АҚШ, Италия ва Исроил конвенцияни имзолаган бўлса-да, ратификация қилмаган. МДҲ давлатларидан фақат Ўзбекистон ва Туркманистон ушбу конвенцияга қўшилмаган.

Конвенция мажбурий характерга эга бўлиб, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни турғун органик ифлослантирувчи моддалардан муҳофаза қилиш мақсадида уларни кескин қисқартиришга, ташланмаларини тўхтатишга ҳамда инсоният организмида ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи 12 та хавфли бирикма (кейинги тўлдиришлар ҳисобга олган ҳолда 26 та модда) ишлаб чиқарилишини, ишлатилишини чегаралаш ёки тақиқлашга йўналтирилган.

Хусусан, Томонлар таркибида турғун органик ифлослантиручилар мавжуд бўлган заҳира ва чиқиндилар билан боғлиқ бўлган ташламаларни қисқартириш ёки ликвидлаш бўйича аниқ мажбуриятларни ўзларига қабул қиладилар.

6-моддага мувофиқ Конвенция Томонлари турғун органик ифлослантирувчи моддаларни экологик хавфсиз усулларда қайта ишлаш, йиғиш, транспортировка қилиш ва сақлашни, шунингдек, уларни йўқ қилишни эса батамом тугатиш ёки қайта шаклланмайдиган тарзда ўтказиш шарти билан, бундай имконият мавжуд бўлмаган тақдирда эса бошқа экологик хавфсиз усулда амалга оширишни таъминлашга мажбурдирлар.

Мазкур Қонунга мувофиқ, Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенция қуйидаги баёнот билан ратификация қилинди: «Конвенциянинг 25-моддаси 4-бандига мувофиқ А, В ёки С иловаларга ҳар қандай тузатишлар Ўзбекистон Республикаси учун фақат бундай тузатишларни ратификация қилиш, қабул қилиш, мақуллаш ёки уларга қўшилиш ҳақида унинг ҳужжатлари сақлашга топширилгандан кейин кучга киради».

Таъкидлаш жоизки,  бугунги кунга келиб “Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенцияси рўйхатни кенгайтиришга йўналтирилган 3 та тузатма киритилган. Бу эса назорат қилинадиган ифлослантирувчи моддаларнинг кўпайишига олиб келди. Бунда ҳар бир тузатма Конвенциянинг бир қисми сифатида, агарда Конвенция Томонларининг қўшимча шартлари ва баёнотлар йўқ бўлган тақдирда бажариш учун мажбурий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳар томонлама пухта ўйланган қарорларни қабул қилиш имкониятини сақлаб қолиш мақсадида алоҳида кимёвий моддалардан фойдаланишни чеклаш имкони юзага келган тақдирда республикага у ёки бу тузатмага қўшилиш мақсадга мувофиқлиги масаласини ўрганиш ҳуқуқини бериш қарори қабул қилинди.

Ўхшаш баёнот Россия Федерациясининг 2011 йил 27 июндаги “Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунида ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, бундай баёнотларни Австралия, ХХР, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Словения, Молдова ва бошқа мамлакатлар қилишган.

Ўзбекистон Республикасида Қонун кучга киргандан кейин 2 йил мобайнида турғун органик ифлослантирувчи моддаларни тақиқлаш, чеклаш, шунингдек экологик хавфсиз усулда йўқ қилиш мажбуриятларини бажаришни талаб этувчи Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.

Республиканинг Конвенцияга қўшилиши қўйидаги имконятларни яратади:

– Турғун органик ифлослантирувчилар билан боғлиқ экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этиш;

– Конвенция доирасида юклатилган мажбуриятларни бажариш учун ривожланаётган ҳамда иқтисодиёти ўтиш даврида бўлган мамлакатларга кўмак доирасида турғун органик ифлослантирувчиларни экологик хавфсиз йўқ қилиш бўйича молиявий ресурслар ва технологияларга эга бўлиш имконияти;

– Ўзбекистон Республикасининг Европа иттифоқи имтиёзлари (The EU's Generalised scheme of preferences (GSP)) Бош тизимига қўшилиши ҳисобига миллий маҳсулотларни экспорт қилиш географияси ва ҳажмини кенгайтириш.

Бунда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Стокгольм конвенциясига қўшилиши кимё саноати ва қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмайди, негаки, унинг таъсир даражаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланмайдиган моддаларга нисбатан татбиқ этилади..

Шу билан бирга Конвенцияга қўшилиш унинг доирасида Томонларга юкланадиган мажбуриятларни бажариш учун қўшимча молиявий ресурслар талаб этади.

Ҳозирги вақтда Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш учун ривожланган хорижий мамлакатлар, Глобал экологик фонд, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан Ўзбекистон Республикасига техник ва молиявий ёрдам кўрсатиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
 


 

.

 

 

Фойдали манбалар