Она табиатнинг хар бир нуқтаси назоратда!!!
05.
09. 2019
14:26
7450
Новости

Биологик хилма-хиллик ҳар бир давлатнинг миллий бойлиги саналади. Юртимиз такрорланмас табиат гўзалигига бой ўлка-ки, уни таърифлашга сўз етмайди. Мамлакатимизда саноқли, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мавжуд, бу ҳудудларни ташкил этишдан асосий мақсад типик, ноёб, қимматли табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолишдан, инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсир кўрсатиши олдини олишдан, табиий жараёнларни ўрганишдан, атроф табиий муҳит мониторингини олиб боришдан, экологик маърифат ва тарбияни такомиллаштиришдан иборат.

Бу табиий бойликларнинг қадрига етмаётган айрим фуқароларимиз, ўзларининг бойлик ортириш йўлидаги шахсий манфаатлари йўлида нобуд қилаётганини қандай тушиниш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Биохилмахиллик тўғрисидаги Ҳалқаро Конвенциясининг 1995 йилдан бошлаб аъзосидир. Ўзбекистон Республикаси мамлакат ҳудудининг 17% да I-V тоифали муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил қилиш тўғрисида мажбурияти мавжуд. Ҳозирда мазкур тоифали муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мамлакатимиз ҳудудининг 5% нигина ташкил қилади. Давлат қўриқхоналари ва Миллий табиат боғлари ва биосфера резерватларининг қўриқхона зоналарининг умумий майдони мамлакатимиз ҳудудининг атига 0,5% ташкил қилади холос.

«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги, «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонун талабларга асосан, Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларига қарши курашиш мақсадида жорий йилнинг 26 август куни ўтказилган назорат рейдида Қўриқхонанинг Қизилсув бўлими маҳаллий номи «Хўжа пирпирота» қоясидан пастги тарафи «Хонақа» зиёратгоҳи атрофида Деҳқонобод тумани «Дўконхона» қишлоғида яшовчи фуқаро Исмоилов Камолиддин Исмоил ўғли икки бош ит (кучук), икки бош эшак 1001 (бир минг бир) бош қўй, 103 (бир юз уч) бош эчки, 27 (йигирма етти) бош қорамол, 1 (бир) бош отларни ноқонуний боқилаётганлиги аниқланган. К.Исмоиловнинг сўзларига қараганда бу чорва молларини «Аҳмадбой» исмли шахсга тегишли эканлигини билдирди (Ҳолат бўйича фото ва видеосёмкаларга олинган.)

Бундан ташқари Қўриқхонанинг Қизилсув бўлими маҳаллий номи «Хонақа» ҳудудиди «Хўжа пирпирота» қояси пастги тарафида Деҳқонобод тумани «Дўконхона» қишлоғида яшовчи Аҳадов Аслиддин Илҳом ўғли, Саломов Ўрол Эшон ўғли, Бобанаров Одил Самадовичлар 1340 (бир минг уч юз қирқ) бош қўй, 60 (олтмиш) бош эчкиларни қўриқхона ҳудудида боқаётганлиги аниқланган.

Мазкур аниқланган ҳолатлар бўйича фуқароларга Давлат қўриқхонаси ва унинг атрофида ҳар қандай фаолият тури тақиқланганлиги ва Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни, «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонуни, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонуни, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисда»ги Қонунлари ва соҳага оид бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари талаблари тушинтириб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.10.2014 йилдаги 290-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги Низом»нинг 16-иловасига асосан Табиатга, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдорини бирламчи аниқланган ҳолатга нисбатан ҳисобланганда 559 млн. 752,3 минг сўмни ташкил этади.

Юқоридаги аниқланган ҳолатлар бўйича ваколат доирасида тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.

Бу борадаги ишлар экология давлат қўмитаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда давом этирилмоқда.
 


Полезные ресурсы