Бугун Давлат экология қўмитасида “Инновацион молиявий ечимлар ва “Яшил макон” ташаббусни қўллаб-қувватлашни режалаштириш” деб номланган янги қўшма лойиҳани Ўзбекистонда амалга оширишга бағишланган Ҳамкорлик келишуви тўғрисидаги ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди. 
22.
06. 2022
14:23
3492
Yangiliklar

Гибрид форматда ташкил қилинган маросимда Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов ва БМТТДнинг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директорининг ўринбосари Марина Уолтер хоним, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска иштирок этди. 

Қўшма лойиҳа Давлат экология қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодий Комиссияси (ЕИК)  ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади узоқ муддатли молиялаштириш, мувофиқлаштириш ва салоҳиятни ошириш орқали “Яшил макон” ташаббусини ҳаётга самарали тадбиқ этишда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашдан иборат. Лойиҳа уч томондан, яъни Давлат экология қўмитаси, БМТТД ва БМТ ЕИК билан ҳамкорликда молиялаштирилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Яшил макон” лойиҳаси Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришини юмшатиш ва иқлим таъсирига мослашиш бўйича Париж келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажаришга ёрдам беради. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида дарахтлар тупроқ сифатини яхшилайди, чўлланишнинг олдини олиш ва уни қайтаришда ҳам катта ўрин тутади.

БМТТД томонидан таклиф этилаётган молиявий воситалар яшил ҳудудларни кўпайтириш ва кенгайтириш орқали углерод захираларига қайтишни таъминлайди ва ўрмонзорлаштириш фаолияти билан боғлиқ молиявий юкни камайтиради.

Қўшма лойиҳа, шунингдек, Ўзбекистонда, айниқса, қишлоқ аёллари учун экологик тоза ва барқарор иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Foydali manbalar