Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда сув ҳавзаларининг экологик ҳолатини яхшилаш, дарёни тозалаш, банкларини мустаҳкамлаш ва умумий фойдали қазилмалардан фойдаланиш билан боғлиқ тадбирларни такомиллаштиришга қаратилган қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 25 сентябрдаги ПҚ-3286-сонли қарори, «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 2019 йил 11-декабрдаги 981-сон қарори каби норматив ҳужжатлари қабул қилинди.
Эндиликда сув объектларида ўзан тозалаш ишлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги «Хавфсиз дарё» ДУК томонидан, лицензия асосида қум шағал материалларини қазиб олиш Давлат геология қўмитаси томонидан тартибга солинадиган бўлди. Тадбиркорлик субъектлари аукционда иштирок этиб, қум шағал аралашмалари йиғилиб қолган участкаларда ўзан тозалаш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритмоқда. Сув объектларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан умумий назорат Давлат экология қўмитаси томонидан амалга оширилмоқда.
Юқоридаги қарорлар ижроси ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида экологик қонунчилик талабларнинг бажарилиши юзасидан жорий йилнинг 11-12 январь кунлари Давлат экология қўмитаси сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Сирдарё вилояти ҳудудидан оқиб ўтган Сирдарё дарёсида рейд тартибидаги экологик назорат тадбирларини амалга оширилди. Тадбирда илк марта замонавий технологиялардан фойдаланилди, камера билан жиҳозланган дронлар қўлланилди.
Сирдарё дарёси ўзанини тест режимда ўрганиш натижасида сув муҳофаза талабларини бузилиши, сув объектларини оқова сувлар билан ифлослантириш, сув муҳофаза ҳудудида чиқиндилар жойлаштириш билан боғлиқ айрим салбий ҳолатлар аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жарима чоралари қўлланилди.
Ўрганишда, ўзан тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб бориш талабларига риоя қилмаслик, белгиланган жойлардан қум шағал қазиб олиш, лойиҳавий ечимларга амал қилмаслик ҳолатлари, участка чегараларини кўрсатувчи ва қазиш ишлари сатҳини белгиловчи баландлик реперлари ўрнатилмаганлиги, техникалар учун махсус майдончалар яратилмаганлиги, сув сатҳида техникалар харакати натижасида сувнинг ифлослантирилиши каби ҳолатлари аниқланди.
Қум шағал қазиб олиш ишлари белгиланган участка доирасида ташқарида белгиланмаган жойлардан, ўзан қолиб, қирғоқ қисмидан қазиш ишлари олиб борилган ҳолатлар аниқланди. Бу эса қирғоқлар эрозиясини келтириб чиқариши мумкин.
Ўзан тозалаш ишлари хоҳлаган параметрда амалга оширилиши натижасида дарё ўзани рельефи табиий ландшафти кескин бузилган, ер ости сувлари очилиб юзага қалқиб чиққан ва оқимсиз кўлмаклар хосил бўлган участкалар мавжуд. Земснаряд воситасида қирғоққа олиб чиқилган қум шағал аралашмаси сараланиб, ҳосил бўлган ишлаб чиқариш оқовалари махсус тиндиргичларда тиндирилмасдан дарёга қайтиб оқизилиши натижасида очиқ сув хавзаларини ифлослантириши кузатилмоқда.
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ҳудудларига оғир юк ташувчи техникалар томонидан турли чиқиндилар қурилиш чиқиндилар тўкиб кетиш, сувларни ифлослантириш ҳолатлари мавжуд. Ҳар бир кон ажратмасига эга корхона ўз ҳудуди чегараси доирасида уни қўриқлаши, муҳофазалаши лозим. Афсуски бунга фақат экология инспекторлари жавобгар бўлиб назорат қилмоқда, чиқиндиларни тозалаш тадбирларини ўтказиб келмоқда. «Хавфсиз дарё» ДУК вакиллари беътибор.
Идоралараро ҳамкорлик мутасадди ташкилотлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлайди ва сув объектларимизнинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган ҳамкорликда келишилган саъй харакатлар бўйича аниқ харакатлар стратегиясини ишлаб чиқиш имконини беради.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати