Ҳар бир мурожаат эътиборда: 162 туп манзарали дарахтларни ноқонуний кесган шахслар жавобгарликка тортилади
10.
01. 2020
12:36
6146
Янгиликлар

Бугунги кунда атроф муҳитни, хусусан ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилишга бефарқ бўлмаган фаол ОАВ вакиллари, жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига баён этилган масалалар юзасидан келиб тушган мурожаатларни ўрнатилган тартибда ҳал этиш, ўз навбатида фуқаролар, давлат идоралари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Х. Пўлатованинг 2020 йил 3 январдаги Бекобод туман ўрмон хўжалиги ерларида ноқонуний равишда кесилган дарахтлар тўғрисидаги мурожаати Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш давомида Бекобод давлат ўрмон хўжалигининг «Ширинсой» ўрмон бўлими ҳудудида жами 162 туп ҳар хил турдаги манзарали дарахтлар Ўзбекистон Республикаси «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг (янги таҳрири) 32 ва 37-моддалари ҳамда «Ўрмон тўғрисида»ги қонунининг 32-моддаси талабларига зид равишда «Бекобод» давлат ўрмон хўжалиги директори Султанқулов Эркин Мўминович ва бошқалар томонидан дарахтларнинг кесилишига йўл қўйилиб, ўсимлик дунёсига 1 252 791 700 (бир миллиард икки юз эллик икки миллион етти юз тўқсон бир минг етти юз) сўмлик зарарнинг етказилишига сабаб бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарликка нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига юборилди.



Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар