Қушлар табиат қўйнига қайтарилди
20.
12. 2019
11:31
7011
Янгиликлар

Қушларга азалдан само даракчилари, хат-хабар элтувчилар, санитар жониворлар, дея таъриф берилган. Қолаверса, қушлар тинчлик ва тириклик рамзи, мусаффо осмонимиз кўрки ҳисобланади. Аммо афсуски, орамизда табиатнинг бундай бебаҳо неъматлари ва табиатда ноёб учрайдиган қушлар ва бошқа ҳайвонот дунёсига кўз олайтириб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишаётган кимсалар учраб турибди.

Жиззах вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 192-сонли буйруғига асосан, жорий йилнинг 17 декабрь куни бошқарма давлат инспекторлари томонидан ўтказилган Ш.Рашидов тумани ҳудудида утказилган тезкор рейд тадбири давомида давлат рақами Тошкент шаҳрига тегишли бўлган автомашина тўхтатилди. Давлат инспекторлари томонидан автомашина салони кўздан кечирилганда, автомашина салонида чумчуқсимонлар оиласига мансуб жами 55 бош, шундан 35 бош «Сава», 10 бош «Королёк», 10 бош «Шақшақ» турдаги қушлар ҳамда қушларни овлаш учун бир дона тўр ва тўрни маҳкамловчи жиҳозлар борлиги аниқланди. 

Маълум бўлишича, қушларни Тошкент шаҳри Шайҳонтоҳур туманида истоқомат қилувчи уч нафар И.А., М.А. ва В.А. исмли шахслар Ш.Рашидов тумани «Ровот» ҚФЙ, Увоб қишлоғида яшовчи номаълум шахслардан ҳар бир қушнинг донасини 8000 сўмдан сотиб олиб, Тошкент шаҳрига олиб кетаётганлигида аниқланди. 

Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4, 32, 33, 49-моддаларининг талаблари бузилган ва Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддасида кўрсатиган ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган. Ноқонуний тарзда тутилган қушлар эса Жиззах вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг давлат инспекторлари томонидан табиат қўйнига қўйиб юборилди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишларини олиб бориш учун Ш.Рашидов тумани ИИБга ҳат жўнатилди. Суриштирув натижалари билан таништириб борамиз, бизни кузатиб боринг. 


Жиззах вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси 
ахборот хизмати.

 

Фойдали манбалар