Дарахтлар ва буталарнинг шохларини буташга хулоса талаб этилмайди!
29.
11. 2019
19:51
6549
Янгиликлар

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар томонидан дарахтлар ва буталарнинг шохларини буташ, бунда рухсат бериш тартиб-таомиллари борасида асосли ҳамда асоссиз фикрлар билдирилмоқда. 

Баён этилган масалага ойдинлик киритиш мақсадида эслатиб ўтиш жоизки, яъни  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарорига мувофиқ дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш устидан давлат назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилади.

Мазкур қарор билан тасдиқланган «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом»нинг 34-бандига мувофиқ дарахтлар ва буталарни санитария мақсадида танасининг бир қисмини ва (ёки) таг қисмидан (қуриган ва касалланган дарахтларни) кесиш Давлат экология қўмитаси органларининг хулосаси асосида тўловларсиз амалга оширилади.

Ўз навбатида мазкур банднинг иккинчи хатбошига мувофиқ дарахтлар ва буталарнинг шохларини санитария мақсадида кесиш ёки буташга хулоса талаб этилмайди!

Юқорида баён этилган Низомнинг 12-бандига мувофиқ Дарахтлар ва буталарни буташ:

– шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда — бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
– бошқа аҳоли пунктларида — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари;
– ташкилотларнинг ҳудудларида — ер эгалари;
– умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари;
– темир йўллар бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилотлари;
– дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва сув хўжалиги органлари;
– фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари;
– захира ерларида — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Буташдан ҳосил бўладиган шох-шаббаларни олиб чиқиб кетиш ушбу ишларни бажарган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.



Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


 

Фойдали манбалар