Ўзбекистон – Хитой: Биопарчаланувчи пакетлар ишлаб чиқарилади
18.
10. 2019
16:25
5824
Янгиликлар

2019 йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Хитой Халқ Республикасининг «Wenzhou Allwell Machinery Share» компанияси менеджери Ли Тин билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ҳ.Ҳусанов, қўмита масъул ходимлари, «Wenzhou Allwell Machinery Share» компанияси менеджери Ли Тин иштирок этишди.

Даставвал қўмита раиси ўринбосари Ҳ.Ҳусанов меҳмонларни мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, ушбу йўналишдаги мавжуд миллий қонунчилик билан қисқача таништириб ўтди.

Ўз навбатида, Ли Тин компания фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, компания полипропилен ва спанбонд маҳсулотларидан турли хилдаги, катта-кичик ҳажмдаги, шунингдек, тутқичли пакетлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шунингдек, у компания экологик пакетлар ишлаб чиқарувчи ускуналарни (экструдор) тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланишини ҳам қўшимча қилди.

Спанбонд материали полимер полипропилен эритмасидан «қуруқ» ипларни шакллантириш усули орқали олинади. Ундан тайёрланган пакетлар очиқ ҳавода 15-17 ой, ёпиқ жойда 5-7 йилда чирийди, 100 фоиз қайта ишланади, энг асосийси, полиэтилен пакетларга қараганда бир неча баробар мустаҳкам. Мазкур пакет «нафас олиш» кучига эга, сувга, совуққа ва иссиққа бардош беради, -55 даража совуқдан то +130 даража иссиқликкача ўз кўриниши ва хусусиятини мутлақо ўзгартирмайди. Ундан кўп маротаба фойдаланиш мумкин.

Учрашув давомида Ҳ.Ҳусанов ушбу полипропилен ва спанбонд гранулаларидан тайёрланган пакетлар таркибига 50-60% маккажўхори крахмалини қўшиш орқали биопарчаланувчи пакетлар ишлаб чиқаришни таклиф этди. Зеро, бу орқали полиэтилен пакетларни ишлаб чиқаришни камайтиришга эришиш мумкин.

Яна бир муҳим томони шундаки, спанбонд чиқиндиси заҳарли бўлмай, парчаланаётган вақтида ҳам атроф-муҳитга мутлақо зарар етказмайди.

Учрашув якунда икки томон ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш ва келгусида ушбу турдаги маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш мақсадида «Wenzhou Allwell Machinery Share» компанияси билан келишувларга эришиш масаласи муҳокама қилинди.


Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 




Фойдали манбалар