Андижон: Чиқинди – кони зарар, қайта ишланса – катта бойлик
27.
11. 2019
17:51
7316
Новости

Мамлакатимизда аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ривожланган мамлакатларда чиқиндини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг самарали усуллари йўлга қўйилган. Бу амалиёт Ўзбекистонга ҳам жадал кириб келмоқда, мазкур соҳага доир тадбиркорлик фаолияти давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ташаббускорлар хориждан замонавий технологиялар келтириб, ўзига хос тижоратларини ишга туширмоқдалар.

Ана шундай корхоналардан бири Андижон шаҳрида фаолият юритиб келмоқда.

«Eldaz-Design» МЖЧ 2018 йилда ташкил топди. Корхона шиша чиқиндиси ва кесилган ойна қолдиқларидан майолика (кошин) ишлаб чиқаради.

– Ўзи асли Тошкентнинг «Кўкча» даҳасиданман, Андижонда 16 сотих ер участкам бор эди, – дейди «Eldaz-Design» МЖЧ раҳбари Элмурод Азизов. – Келажакда шу ерда қурилиш қилиб, бир корхона очиб, ўз бизнесимни юритишни дилимга тугиб қўйган эдим. Эзгу ниятим амалга ошиб, 2018 йилда ўз бизнес-режамни Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга тақдим қилдим. У киши баҳолиқудрат ғоямни қўллаб-қувватладилар, ҳатто тижорат банкидан имтиёзли кредит олишимга кўмак ҳам бердилар. Шу тариқа корхона ўз маблағим ва тижорат банкининг имтиёзли кредити асосида иш бошлади.

Бугунги кунда корхонада 45 кишига иш ўрни яратилган бўлиб, унда икки юз турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Майолика кошинлари, асосан катта бассейн, кичик сув ҳавзалари, фонтанлар, спорт комплекслари, хонадонларнинг ошхона, ҳаммом ва деворларни безашда қўлланилади. Ҳатто, полга ҳам тўшаса бўлади.

– Майолика кошинлари буткул соф экологик маҳсулотдир, – деб сўзида давом этади Элмурод Азизов. – Ундаги барча заҳарли ёки зарарли моддалар печга солингандаёқ йўқ бўлади. Яна майоликани тайёрлашда махсус сертификатга эга экологик тоза хом ашё қўшимчаларидан ҳам фойдаланамиз. Бир ойда ўртача 150-200 тонна шиша синиғи қайта ишланади. 

Корхона учта линияга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда фақат битта линия фаолият кўрсатмоқда. Келажакда ташқи бозордаги экспорт ҳажмининг босқичма-босқич ортиши ҳисобига яна иккита линия ишга туширилиши режалаштирилган, шунда бир ойда учта линияда жами 750 тонна шиша синиғи чиқиндисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Шиша синиқлари тайёр майоликага айлангунга қадар бир нечта босқичдан ўтади. Биринчи босиқичда, шиша синиқлари обдон тозалаб ювилади ва бир сутка давомида қуритилади. Иккинчи босқичда, қуритилган шиша чиқиндиси шарли (шаровой) тегирмонга солинади ва яхшилаб майдаланади. 


Учинчи босқичда, майдаланган шиша чиқиндиси махсус элак (вибросита)дан ўтказилади. Тўртинчи босқичда, элакдан ўтказилган хом ашё миксер – қориштиргичга солиниб, сув ва ранг билан обдон аралаштирилади. Бешинчи босқичда, аралашма махсус шакл қолиплари (учбурчак, тўртбурчак, ромб, томчи, юракча ва ҳ.к.)га қуйилади.


Олтинчи босқичда, шакл қолиплари печкада 850 даража иссиқликда тоблаб пиширилади ва бир сутка давомида совутилади. Еттинчи босқичда, совутилган тайёр шакллар йиғув-терув цехига узатилади.

Саккизинчи босқичда,  йиғув-терув цехида шакллар махсус қолипларга битталаб териб-йиғиб чиқилади. Бу жараён фақат қўл меҳнати асосида бажарилади.

Тўққизинчи босқичда, қолипларга терилган маҳсулот елимлаш цехига узатилади. Унда маҳсулотнинг орқа қисмига махсус капрон сетка елимланади ва шамоллатишга қўйилади. Шамоллатиш жараёни иссиқ кунларда темир жавонларда, совуқ кунларда эса печь орқали амалга оширилади.


Ўнинчи босқичда, тайёр бўлган майолика сифат текширувидан ўтказилади. Бунда синган, чети учган ва бўлакларга бўлинган шакллар аниқланса, дарҳол бутунига алмаштирилади.


Сўнгги босқичда эса тайёр маҳсулот қадоқланади. Ҳар бир қутига жойлаштириладиган майолика 1 квадрат метрни ташкил этади. 1 квадрат метр майолика эса 11 дона бўлакни ўз ичига олади. 

Қадоқланган маҳсулот тайёр маҳсулотлар омборига жойлаштиралади.

Бир кунда битта линияда қарийб 5 тоннагача шиша чиқиндиси қайта ишланиб, 100 квадрат метрдан 400 квадрат метргача тайёр маҳсулот тайёрланади. 

– Маҳсулотимиз, кўпроқ бозор расталари ва савдо дўконларига чиқарилади, – дейди суҳбат давомида Элмурод Азизов. – Бироқ, мақсадимиз маҳсулотимизни, асосан қўшни ва хориж давлатларига экспорт қилишдир. Зеро, ушбу кошинлар ғоятда экспортбопдир. Корхона бу йилдан бошлаб ўз маҳсулотларини Россия, Белорусь, Қозоғистон каби МДҲнинг қатор давлатларига экспорт қила бошлади.

Мухтасар айтганда, «Eldaz-Design» МЖЧ масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган эзгу ишлар тадбиркорлик субъекти сифатида иқтисодиётимизга фойда келтириши, қолаверса, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиши, энг муҳими, аҳоли саломатлигини сақлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

 


Анвар Шеров,
журналист

 


 

Полезные ресурсы