Ғалладан бўшаган майдонга ўт қўйманг, жарима тўлайсиз!
14.
11. 2019
09:54
6121
Новости

1 гектар майдондаги бошоқли дон экинлари пояси сомон ва унинг қолдиқларининг ёқиб юборилиши оқибатида атмосферага 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг. кул, 20 кг. ис гази каби зарарли моддалар тарқалади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бошоқли дон йиғиштириб олингандан сўнг айрим фермер хўжаликлари раҳбарлари ва фуқаролар ғалладан бўшаган майдонлардаги сомон қолдиқларини ёқиб юборишади. Ана шундай кимсалар бошоқли дон экинлари пояси – сомонни ёқиш орқали атмосфера ҳавосига зарар етказишаётганини, тупроқ структурасининг бузилишига сабабчи бўлишларини билишармикан?

Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани «Ҳамиджон» фермер хўжалиги раҳбари Д.Аширматов ўзига қарашли бўлган ғалласи ўриб олинган ер майдондаги сомон пояларига ўт қўйиб юборилишига йўл қўйган.  Суратда акс этганидек, 2  гектар майдондаги сомон пояси ёқиб юборилган. Натижада тупроқ унумдорлигига келтирилган зарар 1°393°624 сўмни ташкил этди. Ҳуқуқбузар Д.Аширматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 88-моддаси 3-қисмига асосан 2°230°000 миқдорида жарима қўлланилди.

Эслатиб ўтмоқчимиз, бошоқли дон экинлари сомон поялари ва унинг қолдиқларини ёқиб юборилишига йўл қўйган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддаси 3-қисми бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 5 баробаригача, юридик шахсларга эса 5 баробаридан 10 баробаригача жарима солинишига сабаб бўлади.

Шундай экан, ғалладан бўшаган майдонларга сомон қолдиқларини ёқмаслик ўз соғлигимизни сақлаш ва барча тирик мавжудотларни асраб-авайлашга ҳамда табиатимизни мусаффо сақлаш учун асосий омил бўлишини унутмаслигимиз керак!

 


Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


Полезные ресурсы