Қашқадарё вилояти: ноқонуний балиқ овловчилар ушланди
29.
10. 2019
10:50
6603
Новости

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими мутахассислари ҳамда Экологик назорат инспекторлари томонидан соҳадаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ва браконьерликка қарши курашиш мақсадида жорий йилнинг 25 октябрь куни Нишон тумани ҳудудида рейд тадбири ўтказилди.

Рейд давомида Нишон тумани «Балхияк» МФЙдан Миришкор туманига ўтувчи ички йўл чап томонидаги зовурда (коллектор) сариқ рангдаги жигули русумли давлат рақами 70 A 285 HA автомашинада 3 нафар шахслар томонидан ноқонуний равишда, яъни электр токи билан балиқ овланганлиги маълум бўлди.

Инспекторлар ўз ваколати доирасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишларини сўрашганда, бир нафар шахс ўзини автомашина ҳайдовчиси Нишон тумани «Балхияк» МФЙда яшовчи Қурбонов Алимардон Холбоевич ва Худоёров Алишер Бердиёривич, Исматов Абдурашид Холматовичлар деб ўзларини оғзаки таништириб, ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим эта олмади.

Шундан кейин автомашина кўздан кечирилганда, 1 дона 15 метрли электр сими уланган қўлбола сачок, 1 дона 15 метр электор сими уланган қўлбола электор токини узайтирувчи мослама, 1 дона «Мустанг» русумли янги аккумулятор, 1 дона эски электр токини кучайтиргич (электроудочка), 1 жуфт махсус этик, оқ полиэтилен халтада жами 23 дона ҳар хил турдаги ноқонуний овланган балиқлар, шундан: 2 дона лаққа, 6 дона карас, 13 дона сазан, 2 дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Туркистон мўйловдорига ўхшаш балиқлар борлиги аниқланди.

Аниқланган ҳолат бўйича уч нафар шахс ёзма равишда тушунтириш хатини ёзиб берган. 3 нафар шахсдан юқорида баён этилган воситалар қонуний тўхтамга келгунга қадар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ҳозирда мазкур аниқланган ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш учун  расмийлаштирилмоқда.



Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси
Ахборот хизмати

 


Полезные ресурсы