Қарор ижроси таъминланмоқда
25.
09. 2019
12:56
5586
Новости

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «Тоза ҳудуд» ДУК автотранспорт воситаларини сақлаш учун гаражлар, маиший чиқиндиларни вақтинчалик сақлаш шохобчалари ва янги полигонлар қурилиши учун ўрнатилган тартибда ер ажратиб бериш ишларини амалга ошириш белгиланган эди.

Қарорга мувофиқ, сўнгги икки йил мобайнида соҳада бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, яқинда Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида бюджет маблағлари ҳисобига автогараж қуриб битказилди. Уларнинг замон талабларига мувофиқ равишда қурилгани айни муддао бўлди. Туман аҳолиси учун яна бир қулайлик яратилди.

Бугунги кунда «Тоза ҳудуд» ДУК учун 74 та маъмурий бино, автогаражлар ҳамда 29 та чиқинди йиғиш майдонларини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

«Тоза ҳудуд» ДУК томонидан амалга оширилаётган ишлар натижаси қисқа вақтда кўрина бошлади. Чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмоқда. Йўл четлари, турли корхона, ташкилот ва муассаса ҳовлилари «тасодифий чиқиндихоналар»дан тозаланмоқда. Демак, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш хизматини кўрсатиш самарадорлиги тобора ошмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини ривожлантириш, муносиб яшаш шароитларини яратиш, республикада санитария ва экологик вазиятни яхшилаш, шаҳар ва қишлоқларнинг обод ва кўркам бўлишига қаратилган.


Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 



Полезные ресурсы